(+998 78) 129-59-59

Сабзавот ва картошка маҳсулотларини сифатли сақлаш бўйича тавсиялар

Тадқиқотларга кўра, очиқ жойда ёки бостирма остида қолдирилган редиска, укроп, исмалоқ каби экинлар бир кеча-кундуз давомида вазнини 8–10, боғ-боғ қилиб сотиладиган пиёз, хўраки лавлаги, сабзи 5–7, бодринг, карам 3–5 фоизгача йўқотади. Ушбу маҳсулотлар омборларда сақланса, вазнини йўқотиш кўрсаткичи икки-уч баравар камроқ бўлиб, сунъий совутиладиган омборларга сақланган ҳолда маҳсулотнинг табиий камайиши 0,5–1,0 фоиздан ошмайди. Сернам шароитда сақланган маҳсулотларнинг вазни деярли йўқотилмайди.

Ўзбекистон иқлим шароити иссиқ минтақа ҳудудига тааллуқли бўлиб, йил фаслининг ҳар бир даврида ҳароратнинг ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Сабзавот, полиз, картошка ва ҳар хил кўкат ўсимликлари маҳсулотни саноат шароитида сақлаш анча мураккаб вазифадир. Шунинг учун мева ва сабзавотларни сақлаш даврида сифатига таъсир қиладиган ҳамма жараёнларни ва омилларни кўра билиш зарур. Илмий ечимлар, кўп йиллик тажрибалардан кўриниб турибдики, сақлаш шароитларини такомиллаштириш, маҳсулотга ҳар хил физик-кимёвий усуллар билан ишлов бериш, қулай ва янги хилдаги идишларга жойлаш, сақлаш билан боғлиқ ишларнинг бажарилишида механизациядан етарлича фойдаланиш ҳамда кўпгина бошқа омиллар сақловдаги маҳсулотларнинг товарлигини ва сифатини ҳимоя қилиб, чиқитлар миқдорини камайтиришга олиб келади.

Сабзавот ва меваларни тежамкорлик билан сақлаш хусусиятига эга бўлишдаги асосий омиллардан бири унинг сақлашга мойиллиги, биологик ва навдорлик хусусиятларидир. Бу, биринчи галда, нав яратишда сақлаш талабларига жавоб берадиган мойилликка эга бўлишни кўзда тутиб, муайян вақт сақлангандан сўнг истеъмолчиларга сифатли маҳсулот етказишни ҳисобга олиш керак. Кўпгина янги сабзавот, полиз ва картошка навлари мавжуд, улар ҳар хил муддатларда пишиб, турлича сақланиш хусусиятига эга. Улар орасида узоқ муддатга сақланиш хусусиятига эга бўлганлари ҳам бор. Аммо бу навлар юқори ҳосил бериш талабларига жавоб бермайди. Хўжаликлар эса серҳосил навлардан фойдаланадилар, бироқ улар унинг сақланишига катта аҳамият беришмайди. Бунинг натижасида маҳсулотлар сунъий совитиладиган омборларга сақлашга келтирилганда сақлаш талабларига жавоб бермаяпти ва меъёрдан ортиқ чиқитлар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Картошка ва сабзавот маҳсулотларни сақлашга ўстириш давридаги ҳаво ва тупроқ намлиги ўз таъсирини қўрсатади. Аниқ таҳлилларга кўра, вегетация даврида тупроқ намлиги 55 фоиздан 85 фоизгача оширилса, картошкани сақлаш давридаги чиқитлар 1,5–2,0 баробар кўпаяди. Олимларнинг тавсияларига кўра, карам сақлаш учун етиштирилса, тупроқ намлиги 70 фоизгача ушлаб турилиши керак. Пиёз учун тупроқ намлиги 80 фоизгача бўлиб, пиёз барглари ёта бошламасдан 2 ҳафта олдин суғоришни тўхтатиш лозим.

Сабзавотларни терилгандан кейин ташиш ва сақлашда муқобил шароит яратиш учун дастлаб ҳароратни тезлик билан пасайтириш талаб қилинади. Бунда совутилган ҳаво, вакуум-буғлатгич ёки совуқ сув воситасида ҳароратнинг пасайтириш усулларини қўллаб, энг кўп тарқалгани – совуқ ҳаво ёрдамида бажарилади.

Совуқ ҳаво билан маҳсулотнинг дастлабки ҳароратини пасайтириш совутиладиган хонага мунтазам совуқ ҳавонинг юбориш ҳисобига эришилади. Сабзавотларни терилгандан сўнг, қанча тез ҳарорати пасайтирилса, унинг совуқ шароитида сақланиш муддати узайиб, сифати ҳам юқори бўлади. Кузатувларга қараганда, сабзавотлар меваси тўқимасининг умри 25оС ҳароратда икки кунга тенг бўлса, 15оС да тўрт кунга, 10оС да саккиз кунга ва ниҳоят 0оС да 16 кунга чўзилади. Шунинг учун ҳам сабзавот сақлашдан олдин совутиш катта аҳамиятга эга.

Ҳарорат паст бўлиши сабзавотларнинг нафас олиши суръатининг кайтириб, ўсимлик тўқималардаги энергетик жараёнларни сусайтиради. Уларнинг пишиб етилиши секинлашиб, маҳсулотнинг таъми, хушбўйлиги, витаминлар, органик кислота миқдори ва бошқа фойдали сифат кўрсаткичлари ижобий томонга ўзгаради. Айни вақтда совутилган сабзавотларнинг касаллик чақирувчи воситаларга бардош бериши ортиб, уларнинг узоқроқ сақланишига эришилади. Айни вақтда совутилган сабзавотларнинг касаллик тарқатувчи воситаларга бардош бериши ортиб, уларнинг ўзоқроқ сақланишига эришилади. Совуқ ҳароратда сақлаш чиқитни юзага келтирувчи замбуруғлар, бактериялар, ачитқиларнинг ривожланишига тўсиқ бўлиб, сабзавотни сақлаш муддатини бир неча ҳафтадан бир неча ойгача (тур ва навга қараб) узайтиради.

Картошкани сақлаш. Такрорий экин сифатида буғдойдан кейин экилган картошка октябрь ойи охири-ноябрнинг бошларида ковланади. Ковлаб олинган ҳосил омборга келтирилганидан 20–25 кун ўтгач, уларни саралаб, лат еган ёки димиқиш туфайли зарарланганларидан ҳоли қилиб сақлашга қўйилади.

Агар даладан келтирилган картошка дарҳол сақлашга қўйилган бўлса ташқи кўринишидан зарарланганлиги сезилмайдиган айрим туганаклар 10–15 кундан кейин сасий бошлайди ва чиқит кўпайишига олиб келади. Таъкидлаш жоизки, сақланаётган картошкани 2–3 ойдан кейин албатта саралаш зарур.

Картошка одатда совутгичли ёки оддий омборларда контейнер, яшчик, тўрхалта, тўкма ҳолда сақланади. Омборда ҳарорат 2–4 даража илиқ, нисбий намлик 80–85% бўлса, маҳсулот яхши сақланади. Бундай шароит сунъий совутиладиган омборхоналардагина яратилади.

Картошкани омборда сақлаш имконияти бўлмаган шароитда сизот сувлари яқин бўлмаган ерларда ковланган ўраларга кўмиб сақлаш мумкин. Бунда ўранинг эни

60–70, чуқурлиги 70–80 см, узунлиги 2–3 м бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўрага картошка жойлангач, устига

10–15 см қалинликда похол ёки қамиш ёпилади, сўнгра устидан 30–35 см қалинликда тупроқ тортилади. Картошка шундай шароитда апрель ойигача яхши сақланади.

Картошкани уй-рўзғор шароитида сақлаш учун ёруғ тушмайдиган жой танланиши керак. Чунки ёруғ тушадиган жойда туганак устида кўк ранг пайдо бўлиб, соланин моддаси кўпаяди ва аччиқ бўлиб қолади.

 

Пиёзни сақлашдаги асосий вазифа маҳсулот сифатини пасайтирмасликдир. Сақлаш муддати мумкин қадар узоқроқ бўлишини таъминлаш лозим. Пиёз совутгичли омборларда тўр халталарда турли ҳажмли яшчик ва контейнерларда штабелланиб 1–3оС гача пасайтирилган ҳароратда сақланиши мақсадга мувофиқ. Умуман, яхши пишиб етилган пиёз +18оС да ҳам яхши сақланади.

Маҳсулот сақланадиган жой қуруқ, ҳавоси алмашиб турадиган бўлиши керак. Хонадаги ҳарорат илиқ, нисбий намлик 70–75% атрофида бўлгани маъқул. Пиёз музлаб қолгандан (-30–50оС) сўнг ҳам ўз ҳолига келиши мумкин. Аммо бу ҳол қайта-қайта такрорланса, маҳсулот сифати бузилади.

Пиёз сақланадиган жойда намлик 75 фоиздан ошадиган бўлса, салбий таъсир этади. Бундан ташқари, вегетация даврида пиёз трипс касаллигига чалинган бўлса, узоқ муддатли сақлаш даврида ост ва бўғиз чириш касаллигига чалиниши, илдиз чиқариб кўкариши мумкин. Шунинг учун омборни доимий назорат қилиб туриш талаб этилади. Трипсга нисбатан чидамлиси “Қоратол”, “Испанский-313” навлар ҳисобланади.

Сабзини сақлаш. Сақланадиган сабзини ковлашдан 10 кун олдин суғориш яхши самара беради. Сабзи барги сарғайгандан кейин ковланиб, баргидан тозаланади ва сақлаш жойига келтирилади. Сабзи совутгичли омборларда контейнер ва 30 кг. ли яшчикларда 0–2оС ҳароратда, нисбий намлик 90–95% бўлган шароитда яхши сақланади.

Сабзини эни 50–60, чуқурлиги 80–90 см, бўйи 2,5–3 м ўрада сақлаш ҳам мумкин. Ўра тупроғи нам бўлиши ва унга ўт ёки барг тушмаслиги талаб этилади. Ўрага сабзи тўлдириш вақтида эланган қум солиб борилса, сабзи сўлимайди ва узоқ сақланади. Ўра тўлдирилгандан кейин усти похол ёки қамиш (5–10 см) билан ёпилади ва 30–35 см тупроқ тортилади.

Сабзини январь-февраль ойларигача салқин ертўлаларда полиэтилен қопларда, яшчикларда (ичига полиэтилен тўшама қилиб) сўлимаслиги учун устига қум ёки нам тупроқ билан ёпиб қўйиб, кунлик эҳтиёж учун ишлатиб бориш мумкин.

 

Турпни сақлаш. Турпни узоқ муддат сақлаш учун ҳар бири ўртача 300–500 г келадиганлари танланади. Турп йиғиб олинишидан олдин баргини пичоқ билан кесиб, суви селгигач қўлда суғириб олинади. Турп сақланадиган ўрани офтоб тушмайдиган, нам ерлардан ковлаш зарур. Турпни кундалик ишлатиб туриш учун ертўла ва шунга ўхшаш салқин жойларда полиэтилен қопларда сақлаш мумкин. Узоқ муддатга сақланиши учун ўрага кўмилади.

Турп сақланадиган ўра эни 70, чуқурлиги 90–100 см бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўрага солинаётганда барг, ўт ва бошқа чиқиндилар, кўкатлар тушмаслиги керак. Ўра тўлишига 10 см қолганда 30 см қалинликда тупроқ ташланади ва икки томони нишаб қилиб текисланади.

Шолғомни сақлаш. Шолғомни сақлаш ҳам турпникига ўхшаш бўлиб, нисбатан нозикроқ ҳисобланади. Шу боис ўранинг эни 60–70, чуқурлиги 80–90 см, бўйи 1,5–2 м қилиб ковланади. Кўкламда ўра очилиб шолғом сараланади ва захроқ хона ёки ертўлаларда қум остида сақланади.

Хўраки лавлаги (қизилча) ҳам худди шолғом сингари сақланади. Карамни сунъий совутиладиган омборхоналарда 0–3оС ҳароратда 4 ойгача (март охирларигача) сақлаш мумкин. Қисқа муддат сақланадиган карам турлари табиий шароитда чуқур ертўлаларда, биноларнинг соя-салқин томонларида уюм ҳолида, устига баргларини ёпиб қўйиб сақланади.

Карамни сақлаш. Эртаги карамни совутгич хонада - 1°С ва + 1°С даги ҳароратда оғзи ёпиқ полиэтилен қопларда 80 кунгача сақлаш мумкин. Кечки карамни сунъий совитиладиган омборхоналарда 0–3°С да 4 ойгача (март охирларигача) сақлаш мумкин.

Карам фақат пасайтирилган илиқ ҳароратда сақланади. Қисқа муддат сақланадиган карам туплари табиий шароитда чуқур ертўлаларда, биноларнинг соя-салқин томонларида уюм-уюм буртлар ҳосил қилиб, улар устига баргларини ёпиб қўйиб сақланади. Бунда иложи борича -2–3°С ҳарорат вужудга келтирилса, карам 2 ойгача яхши сақланиши мумкин.