(+998 78) 129-59-59

Озиқ-овқат саноати ютуқлари намойиши

Унда мамлакатимиз ва Беларусь, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея, Қирғизистон, БАА, Россия, Туркия, Украина, Польша каби 13 давлатдан қарийб 60 компания иштирок этди. Ташриф буюрувчиларга озиқ-овқат, қадоқлаш саноати, ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ускуналар тақдим этилди.

Кўргазма очилиш маросимида мамлакатимиз саноат салоҳиятини ошириш, сифатли товар ва хизматлар ишлаб чиқариш, маҳаллий бизнеснинг жаҳон бозорига чиқиши учун шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар, саноатни модернизация қилиш, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда чет эл инвесторларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида айтилди.

– Компаниямиз халқаро кўргазма, семинар ва конференцияларни ташкил этишга ихтисослашган, – дейди “EXPO POSITION” МЧЖ ходими Зулайҳо Бенимирова. – 20 йилдан зиёд вақт давомида 200 дан ортиқ ихтисослаштирилган тадбирлар ташкил этдик. Уларда нафақат саноат ва халқаро ҳамкорлик соҳасидаги ютуқлар намойиш этилди, балки янги маҳсулотни истеъмол бозорига олиб чиқиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тажриба алмашилди.

“Vazira biznes“ масъулияти чекланган жамияти асосан музқаймоқ ишлаб чиқаради. Шунингдек, корхона жамоаси тайёрлаётган ширинликлар, ярим фабрикат маҳсулотлари ҳам харидоргирдир.

– Бизнесимизни 2005 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари дўконини очишдан бошлаганмиз, – дейди мазкур МЧЖ директори Шерзод Қобулов. – Икки йил ўтиб, музқаймоқ ишлаб чиқариш ҳисобига фаолиятимизни кенгайтиришга қарор қилдик. Асосий эътиборимизни маҳсулот сифати ва турига қаратдик. Албатта, маҳсулотга баҳони истеъмолчи беради. Музқаймоқларимиз ўз харидорини топди. Шу кунларда фаолиятимиз турини ривожлантириш ҳаракатидамиз.

Табиий сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи “Русское молоко” масъулияти чекланган жамияти кўргазма иштирокчиларидан биридир.

– Биз “Свитлогорье“ савдо белгиси остида қиёмли сироклар, вафли таёқчалари, таркибида сут зардоби бор ичимликлар, музқаймоқлар ишлаб чиқарамиз, – дейди МЧЖнинг ташқи иқтисодий фаолият йўналиши раҳбари Андрей Машкунов. – Мана, бир йилдирки, Ўзбекистонга қиёмли сироклар етказиб берамиз. Эндиликда бошқа турдаги маҳсулотларимизни ҳам экспорт қилиш режамиз бор.

Кўргазма доирасида ишлаб чиқарувчилар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишиб олди.