(+998 78) 129-59-59

Энди суғориш тармоқларида ҳам балиқ етиштирилади

Энди суғориш тармоқларида ҳам балиқ етиштирилади

Суғориш тармоқларида (каналларда) балиқ етиштириш тартиби белгиланди.

Адлия вазирлигида “Суғориш тармоқларида (каналларда) балиқ етиштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақида вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилмоқда.

Унга кўра, суғориш тармоғида балиқ етиштириш суғориш тармоғининг чуқурлиги ёки саёзлигидан келиб чиққан ҳолда қафасларда ёки суғориш тармоғининг қирғоқларини тўр билан тўсиш орқали амалга оширилади.

Бунда, суғориш тармоқларида балиқ етиштириш қафасларда сувнинг сатҳи 2,5 метрдан кам бўлмаган жойларда, сув сатҳи 2,5 метрдан паст бўлган жойларда суғориш тармоғининг қирғоқларини тўр билан тўсиш йўли орқали амалга оширилади.

Балиқ етиштириш суғориш тармоғининг техник ҳолатига ҳамда сув оқимига таъсир кўрсатмайдиган жойларда амалга оширилиши шарт.

Суғориш тармоқларида балиқ етиштиришни режалаштираётган шахс балиқ етиштиришдан олдин тегишли ҳудуддаги Туман ирригация бўлимини ёзма равишда хабардор қилади.

Туман ирригация бўлими балиқ етиштириш режалаштирилаётган суғориш тармоғидан фойдаланиш ҳамда у билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли тавсиялар беради.

Туман ирригация бўлими балиқ етиштиришни режалаштираётган шахсни суғориш тармоғида бажарилиши режалаштирилган таъмирлаш ишлари ҳамда бошқа амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий ишлар ҳақида олдиндан огоҳлантириши зарур.​