(+998 78) 129-59-59

Қозоғистон – Ўзбекистон: Ҳамкорлик форуми истиқболли муносабатлар асоси

Қозоғистон – Ўзбекистон: Ҳамкорлик форуми истиқболли муносабатлар асоси

Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми ўз ишини бошлади.

Мазкур форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда. Форум икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакилларини бир мақсад йўлида жамлади. Мамлакатларимиз ҳудудларининг экспорт салоҳияти, Ўзбекистондаги янги иқтисодий зоналар истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари қайта кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги борасидаги ҳамкорлик истиқболини белгиловчи галдаги шўъба мажлиси икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланди. Агросаноат комплексида кооперация ҳамкорлигини ривожлантириш мавзусида ташкил қилинган амалий семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари, халқаро меъёрлар бўйича якдил тизимни ташкил қилиш истиқболлари, экспорт бўйича транзит йўналишлари, қадоқлаш ва сертификатлаштириш амалиёти масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Ушбу соҳани жадал тараққий эттириш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу каби маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратмоқда.

 

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда жадал тараққий этмоқда. Бу савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар мустаҳкамланишида, икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ўз ифодасини топмоқда.

 

Форумда ўзаро савдо-инвестициявий, минтақавий ва ҳудудлараро иқтисодий шерикликни янада ривожлантириш, мамлакатларимизнинг савдо айланмаси ҳажмини ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Коперация, ишлаб чиқариш, саноат, озиқ-овқат, тўқимачилик, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форумида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов меморандум имзолади.