(+998 78) 129-59-59

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» аччиқ қалампирни Туркия ва араб давлатларига етказиб беради

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» аччиқ қалампирни Туркия ва араб давлатларига етказиб беради

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясида Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар, шу жумладан аччиқ қалампирларни хорижий давлатларга етказиб бериш борасида чет эллик тадбиркорлар билан музокара бўлиб ўтди. Компания раиси Тоҳир Жалилов Туркия ва Иорданиядан келган тадбиркорларга мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавотлар, шу жумладан кўплаб давлатларда талаб катта бўлган аччиқ қалампир етиштириш имконияти хусусида сўзлаб берди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири.

Туркиялик Тожиддин Байроқ айни вақтда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 49 млн долларлик 35 минг тонна аччиқ қалампир (қуруқ ва ҳўл) етказиб берилиши борасида шартнома бўйича маҳсулот етказиб берилаётганини билдирди.

«Биз 35 минг тонна қалампирни бир-икки ой ичида олиб кетамиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо кўраётганимиз йўқ. Келгуси йили мен бу миқдорни 200 минг тоннага чиқаришни режалаштирмоқдаман. Аммо, мени ташвишлантираётган нарса шуки, бу миқдордаги қалампир келаси йил узлуксиз ўз вақтида етказиб берилиши борасидаги кафолатдир. Чунки, мен бу қалампирни нафақат Туркияда сотаман, балки реэкспорт ҳам қиламан», - деди Тожиддин Байроқ. 

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК раҳбари Тоҳир Жалилов бу йил 15 минг гектардан ортиқ ерга қалампир уруғлари қадалгани, шундан 189 минг тонна аччиқ қалампир ҳосилини йиғиб олиш ишлари айни пайтда ҳам давом этаётгани хусусида маълумот берди. Унинг айтишича, келгуси 2019 йилда аччиқ қалампир экиладиган майдонларни кенгайтириш режалаштирилмоқда. «Шунинг баробарида биз ҳам 200 минг тонна қалампирни аниқ харид қилиниши борасида қайсидир маънода кафолат бўлишини истаймиз», - деди Тоҳир Жалилов.

Иорданиядан келган меҳмонлар, Ўзбекистонда илк бор бўлиб турганларини таъкидлашар экан, бу ерда бизнес юритишга қизиқиб қолганларини қайд этишди. Улар нафақат аччиқ қалампир олди-сотдиси, балки бошқа соҳаларда ҳам тадбиркорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқаётганини таъкидлашди.